2016 йилнинг февраль ойидан JV MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида паст полли “MAN A 22” шаҳар автобуслари серияли тарзда ишлаб чиқарила бошланади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида ташкил этилган “Ўзавтосаноат” АК корхоналарида автомобиллар учун эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш” ихтисослаштирилган кўргазма-конференциясида JV MAN Auto-Uzbekistan вакили Ойбек Аюпов маълум қилди.Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда тайёр шассига кузовни йиғиш тамойили асосида алюмин кузовга эга, паст полли ва табиий газ билан ҳаракатланадиган шаҳар автобусларини ишлаб чиқиш ўзлаштирилади. Айни пайтда мазкур автобуснинг тажриба намунаси “Тошшаҳартрансхизмат” АК билан ҳамкорликда Тошкент кўчаларида синовдан ўтказилмоқда.Автобуснинг техник хусусиятларига келсак, уч эшикли жамоат транспортининг узунлиги 12 метрни ташкил этиб, 90 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган. 12,816 см3 сиғимлик двигателининг қуввати 310 от кучига эга бўлиб, EURO 5 талабларига жавоб беради.Таъкидланишича, “MAN A 22” автобусининг эҳтиёт ва бутловчи қисмлари ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш дастури 4 босқичда амалга оширилиб, 2015-2016 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда автобус кузови каркаси, II босқич (2016-2018 йй)да эса ойнапластикли деталлар, олд ва ён ойналар, ўриндиқлар, подрамник ва кронштейнлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилади.2018-2020 йиллар(3- босқич)да эса электр жгут (тасма)лар, ёриткичлар, орқа томонни кўрсатувчи ойналар, пол қопламалари ва ички жилд, эшиклар, дарпарда (штора), турли хил аксессуарлар (қулф, даста, тасмалар) ишлаб чиқарилади.Кўргазма-конференция чоғида ўзбекистонлик ишбилармонларга мазкур эҳтиёт қисмларининг маҳаллийлаштирилишида иштирок этиши учун асосий талаблар тўғрисида маълумотлар берилди.
|