Қасос ортидаги мудҳиш жиноят
Оёқлари сув бетига чиқиб турган мурдага кўзи тушиб қўрқиб кетган Фурқат дарҳол туман ИИБ навбатчисига телефон қилди. Орадан кўп ўтмай етиб келган тезкор ходимлар жасадни Катта Фарғона каналидан чиқариб олишди. Бадани кўкариб шиша бошлаган мурданинг боши йўқ эди. Канал ўзанини қидириш бесамар кетди. Мурданинг боши топилмади. Эгнидаги кўйлаги, шимидан биронта ҳужжат чиқмади. Жиноят иши қўзғатилиб, қидирув-терговга киришилди. Аввало марҳумнинг кимлигини аниқлаш лозим эди. Дарҳол вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари ИИБларига ёши тахминан элликлардаги эркак киши — марҳумнинг хос белгилари кўрсатилган сўровномалар юборилди. Айни чоғда бедарак кетган, қидирилаётганлардан бири бўлиши мумкин, деган тахмин устида ишлаш ҳеч қандай натижа бермади. Вақт ўтиб борар, бироқ марҳумнинг шахси номаълумлигича қолмоқда эди. Орадан беш кун ўтиб, ниҳоят муқаддам судланганларнинг бармоқ изларига солиштириш йўли билан марҳумнинг исм-шарифи, яшаш манзили аниқланди. Тезкор-тергов гуруҳи Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида яшаган, эллик ёшдан ўтган, муқаддам бир неча бор судланган марҳум Қобил Ашуров (исм-фамилиялар ўзгартирилди)нинг хонадонига йўл олди. Марҳум сўққабош бўлган. Беш марта судланган. Сўнгги бор жазони ўтаб қайтганидан кейин ҳам бирон жойда ишламаган. Опаси Маҳбубахоннинг ҳовлисидаги алоҳида уйда яшаб юрган. Опасининг сўзларига қараганда, 11 июль куни чиқиб кетиб, қайтиб қорасини кўрсатмаган. Аёлнинг қизи Муҳайё, ўғли Жавоҳир ҳам тоғасини охирги марта ўша куни кўришган. Тоға ичкиликка берилган. Уйдан чиқиб кетиб, бир неча кун аллақаерларда қолиб кетишига кўникиб қолишган. Шу боисдан тўрт-беш кундан бери уйга қайтмаган бўлса-да, сўраб-суриштиришмаган, милицияга мурожаат этишмаган. Ўз оёғи билан кириб келишига шак-шубҳа қилишмаган. Аёлнинг, фарзандларининг сўзлари мантиқан олганда, тўғри эди. Ичиб, мастликда гап талашиб қолган улфатларидан бири Қобилжоннинг жонига қасд қилган бўлиши эҳтимолдан холи эмасдай таассурот туғилаётганди. Бироқ, қўшниларининг гувоҳлик беришича, марҳумнинг опаси, жиянлари билан жанжаллашиши одатий тусга кирган. Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, қариндошлари унинг жонига қасд қилган бўлиши мумкин, деган тергов тахмини текширила бошланди. Ҳовли, хоналар синчиклаб кўздан кечирилганида, алоҳида, ҳеч ким яшамайдиган, чала битган уй ичидан қора-қизғиш доғлар, қон теккан ғишт бўлаги, соч толаси топилди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу қон доғлари марҳумнинг қон гуруҳига мансуб эди. Қўшниларининг, қариндошларининг айтишича, йигирма икки ёшга кирган марҳумнинг жияни Муҳайё енгилтабиат, Қобилжон унга дакки-дашном бергани туфайли хонадонда тез-тез можаролар бўлиб турган экан. — Укам билан синглим ва жиянларимнинг муносабатлари яхши эмасди, — деди марҳумнинг акаси Қодиржон Ашуров. — Кунора жанжаллар бўлиб турарди. Ҳар сафар уйларига бориб, яраштириб қўярдим. Жияним Муҳайёнинг ахлоқи яхши бўлмагани туфайли Қобилжон у билан тез-тез уришиб қоларди. Ушбу ҳолатларга асосан гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган Муҳайё айбига иқрор бўлиб кўрсатма берди. Баҳор кунларининг бирида Маҳбубахон бозор-ўчарга чиқиб кетган,
Жавоҳир кўчада ўртоқлари билан ўйнаётган, Муҳайё кир юваётган эди. Тушдан кейин
Қобилжон ҳовлига ширакайф кириб келди. Битта чой дамлагин, дея алоҳида уйига
кириб тўшакка чўзилди. "Ойинг қани?" сўради дастурхон кўтариб кирган
жиянидан.
— Бозорга кетган эдилар... Тоғанинг феъли айниди. Тўсатдан Муҳайёнинг билагидан чангаллаб, бағрига тортди. Чинқирган ўн олти яшар қизнинг оғзини кафти билан ёпди... Тўшакда юм-юм йиғлаб ўтирган жиянига ўшқирди. — Бас қил, биров билиб ўтирибдими. Ҳеч кимга оғиз оча кўрма! Бировга айтсанг, чавақлаб ташлайман. Муҳайё унинг важоҳатини кўриб, қўлидаги пичоққа кўзи тушиб жим қолди. Аламини ичига ютди. Тоғаси зўрлаб, номусига текканини ҳеч кимга, ҳатто онасига ҳам айта олмади. Уйда ёлғиз қолганларида тоға жиянини яна бир неча бор зўрлади. Дастлабки терговда Муҳайёнинг кўрсатмасини гувоҳ Н.Солиев билвосита тасдиқлади. — Марҳум Қобилжон ичкиликка ружу қўйган, жанжалкаш одам эди.
2006 йили Муҳайё олдимга келиб йиғлади. Эрга тегмай, ҳомиладор бўлиб қолган
экан. Отаси кимлигини сўрасам, айтмади. Марғилон шаҳрига олиб боришни илтимос
қилди. Аборт қилдириб, ҳомиласини олдириб ташлади... Ёш умрини хазон, ҳаётини барбод қилган тоғасини Муҳайёнинг кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Тишини тишига босиб, тегажоқлик қилишларига чидаб юрган жияннинг ичида адовати тобора кучайиб бораверди. Хаёлида ўч олиш истаги ғужғон ўйнаб, қотилликдан бир ойча аввал Шаҳрихон шаҳридаги "Супермаркет" олдида савдо қилаётган сотувчидан қизил сопли ошхона пичоғини сотиб олди. Катта тоғасининг қизи Гуллола дардга чалиниб бевақт ҳаётдан кўз юмди. 2013 йил 11 июль куни онаси ва укаси тоғасининг уйига, маъракага кетишди. Муҳайё ичкарида ётган эди. Илжайиб ширакайф Қобил тоғаси кириб келди. — Олдимга туш... — Керакмас, менга яқинлашманг. Қобилжон сочидан чангаллаб судради. — Бўпти, сиз чиқаверинг, ҳозир... Муҳайё пичоқни кўйлагининг ичига яшириб, унинг ортидан битмаган уйга кирди... Пичоқни бўйнига санчди. Укасини телефонда чақирди. Опаси телефон қилгач, кечки пайт соат бешларда Жавоҳир ҳовлига кириб борди. Муҳайё укасини битмаган уйга бошлади. Ичкарида қонга беланиб, яланғоч ётган тоғасига кўзи тушган Жавоҳирнинг юраги увишди. Дағ-дағ қалтираганича, остона хатламасдан, ортига югурди. — Қўрқма, бировга айтма, тоғам мени зўрламоқчи эди, жон-жонимдан ўтиб, пичоқлаб қўйдим, — деди Муҳайё. — Аямни кечроқ олиб кел, ҳеч нарсани билдирма. Гўёки, тоғасидан қасдини олган жиян, тун ярмида бошсиз жасадни аравачага солиб, Катта Фарғона каналига элтиб ташлади. Битмаган уйдаги қон юқини ювиб, сачраган жойларига қум сепди. Пичоқни ва тоғасининг калласини ҳовлининг ортига олиб бориб, бензин сепиб ёқиб юборди... Жиноят иши суд мажлисида кўриб чиқилди. Судланувчи — йигирма икки яшар М.Ашурованинг айби иқрорлигидан ташқари ашёвий далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланди. Суд номусини топтаган тоғасининг жонига қасд қилган қизни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Ақл бовар қилмайди, бир хонадонда яшаб юрган тоға жиянини зўрлаб, номусига тегса! Аллома шоир айтганидай "Одам борки, одамларнинг нақшидир, одам борки, ҳайвон ундан яхшидир". Лекин, инсон қиёфасини йўқотган кимса нечоғлик тубан кетмасин, фақат одил судгина уни қилмишига яраша қонуний жазо тайинлайди. Муҳайё қўлини қонга белаб, қотил деган номни орттиргандан кўра, ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганида эди, зўравон тоға жазоланар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноятнинг олди олинарди. Зоҳиджон Мамажонов, Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Ходжаев, Фарғона вилоят прокуратураси бўлим АМИБ катта терговчиси "Ҳуқуқ" Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг нашри | |
Категория: MAXALLIY YANGILIKLAR | | |
Просмотров: 1476 | |
Похожие материалы
Muhabbat tafti - Teri Meri hind soun... mp3
Ummon Guruhi - Aybim mp3
Benom - Balki Tun (OST Salom Sevgi) mp3
Munisa Rizayeva - Yurak mp3
Bolalar Guruhi - Jiyda mp3
VIA Marokand - Tarnov mp3
Botir Qodirov - Ko'ngil Izhori mp3
Jahongir - Bahor Bo'lib Sev (Buy... mp3
Shoxrux - Mani Jonim mp3
Добро Пожаловать, Гости