Футболчиларимиз Ватан шаъни нималигини унутмоқда

"Футболчилар ва мураббийларни танқид қилганлар сўроқ-савол қилинмоқдами? Шундай деб эшитдим.
 
Даставвал, бундан бир ой аввал таниқли журналист ва футбол агенти Санъат Шариповнинг Чили давлатида "Бунёдкор”нинг собиқ футболчиси Хосе Луис Вильянуэва билан уюштирган суҳбатдан бир парча.
 
Санъат Шарипов: Суҳбат давомида бир нарса ёдимга тушди. Агар эсласангиз, беш йил олдин терма жамоамиз мундиалга чиқа олмагач, сиз футболчиларимиз ҳақида мана бундай кескин фикрлар билдирган эдингиз: "Ҳайронман, терма жамоа таркибида Осиёнинг энг яхши ўйинчиси ҳаракат қилсаю, оддий рақибларга қарши мардонаворлик кўрсата олмаса? Менимча, бунинг сабаби, терма жамоа таркибида ўйнаётган футболчилар ўз либосларига тикилган мамлакат байроғини ҳис қилиб ўйнашмайди. Бухоронинг бир четида қўй боқиб юрган чўпонни ўйлаб ўйнашмайди. Футболчиларда ана шу туйғуларни кўрмадим. Мен Чили термасида ўйнаганимда, ютқазиб қўйсам, уйга келишга уялардим. Қишлоқдошларимга қарашга уялардим. Терма жамоангиз вакилларида шу туйғулар бўлсагина, бирон-бир натижа талаб қилиш мумкин. Кўраман, бемалол ўз клубларига тиржайиб келаверишади улар..." дегандингиз. Афтидан футболчиларимизда бу туйғу ҳалигача шаклланмаган кўринади, бу сафар ҳам терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмади.

Хосе Луис Вильянуэва: Ҳа, биламан. Ўзбекистон яна мундиалга чиқа олмаганидан хабардорман. Аммо бу сафар ҳеч нарса дея олмайман. Чунки мен энди у ерда яшамаяпман, ўйинларни кўрганим йўқ.  Футболчилар борини беришдими, йўқми, буни ҳам билмайман. Лекин юракдан ўйнаш кераклигини яна бир бор такрорлашим мумкин. Терма жамоа таркибида майдонга тушганингда ўзинг учун ҳам, оиланг учун ҳам эмас, балки бутун халқ учун ўйнашинг керак. Мана шу туйғу бўлмаса, терма жамоа либосини кийишга ҳаққинг йўқ. Ахир бу доимий туйғу эмас-ку. Масалан, терма жамоа ўйинчилари ҳар ой майдонга тушишмайди. Шундай экан, ҳар бир дақиқанинг қадрига етиш лозим. Қандай қилиб тушунтирсам экан, футболчи керак вақтда жонини бера олиши керак, демоқчиман. Муҳим ўйинларда барчасини сониялар ҳал қилиши мумкин. Шундай экан, фидокорлик туйғуси футболчини оз муддатга ҳам тарк этмаслиги лозим. Фақат шундагина натижа бўлиши мумкин. Оддий таққослаш. Масалан, Жанубий Америкада футболчи бирор клубда ўйнаса ва катта клубларга қарши майдонга тушса, унинг салоҳиятию, қанча пул олиши, қанақа машинада юриши ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Майдонда ҳамма тенг. Ўзбекистонда эса бундай нарсани кўрмадим. У ерда футболчилар ўртасида табақаланиш бор. Бу эса терма жамоага футболчи танлашда ҳам панд бериши мумкин. Курашга чанқоқ инсонларни майдонга тушириш керак. Бундайлар эса, афсуски юртингизда кам.”   
       
        Албатта бу гапларнинг замирида катта маъно бор. Ҳаттоки чилилик футболчи ҳам муаммо нимада эканлигини билган. Футболчилар нима қилмоқда ўзи?! Уларда пул, машина, уй ва катта-кичик бизнес бор. Улар бир ойда чалама-чалкаш ўйнаб бир неча ўнлаб миллион сўмни бошини емоқда.  Қани бошқа касб эгалари уларчалик пул оладими? Ёки бошқа спорт турларида иштирок этаётган номдор чемпионлар ҳам футболчиларчалик катта суммада ҳақ олишмайди.  Баъзида тунги Тошкентнинг номдор тунги клубларида айнан бир нечта футболчиларнинг кўнгилхушлик қилётганига гувоҳ бўласиз. Худди қойиллатиб қўйгандек, улар шаҳар бўйлаб "кайф” қилишади. Тўғри хориж давлатларида ҳам машҳур ўйинчилар кўнгилхушлик қилар, лекин майдонда улар чинакам футболчилардек ҳаракат қилади. Чунки улар билишади. Футбол уларни боқаётганини. Бизда эса баъзи ўйинчиларда бунинг акси. Футболни улар боқмоқда. Бу танқидларни энди улар чидаб эшитсинлар ва шундан хулоса чиқарсинлар... 
    
 Кўрдик, жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида уларнинг кўрсатган ўйинлари ва барчамизни шарманда қилганликларини. Қатар ҳам ўша ўйинда мана сизларга 5 та гол деди.  Лекин ундан аввалги учрашувларда бизникилар ортиқча ўзига ишониб юборишди ва ўзига-ўзи "уриб” қўйди. БАА билан учрашувда эса муаммолар яна кўзга ташланди. Бизда ҳайронсан киши, мураббийлар мағлубиятга учрагандан кейин нолийди. Об-ҳаво, майдон, ўртоқлик ўйинлари ўтказилмаяпти. Ҳа, шуни учрашувдан аввал ўйлашни имкони бор эдику. Йўқ! Нимадандир айб ахтариш керакку. Биласизми, Марчело Липпи деган италиялик мураббий, майдонда сигарета чекса-да, у терма жамоада бўладими ёки клубда барибир жамоани чемпионлик сари етаклади. Липпи футболчиларга сигарета катта зарарлигини билади. Лекин мақсади йўлида бир ёмон иллатни бошлаб икки яхшилликни олиб келади. Футболчилар ҳам меъёридан ортиқ ёмон ишларни қилмайди ва ўз формасини йўқотмайди. Оддий мисол. Бизнинг футболчиларни 90 фоизини қорни осилиб қолган. Жисмоний тайёргарлик йўқ. Сумочида улар! (Ҳа чойхонама-чойхона юргандан кейин шундай бўладида) Чет эл футболчилари эса худди шарқ яккакурашлари устасига ўхшаб бақувват.. 

Алам қилади, футбол оғизда ривожланиб, амалда юксалмаётганига. Кариллаб ҳадеб қуруқ мақтанишни бас қилиб, юрт бўйлаб иқтидорли, кўзи тўқ ва Ватанни чинакам севувчи ёшларни топиш керак. Бир хажвияда бор эди. "Миржалол Қосимов шогирдларига кўрсатмаларни берди, улар ҳам худди тасдиқлагандек уни сўкиб қўйди. Бизни қишлоқни болалари терма жамоа ўйинчиларини калиш кийиб ютади”. Ёки бўлмаса марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг ҳажвия гаплари бир умр тарихга мухрланиб қолди-ёв. Бундай ўйинлар билан на терма жамоа, на клублар ривожланмайди. Аввал ёшларни йўқолиб кетмаслиги учун катта ишларни олиб бориш керак. Улар икки-уч йилда умуман йўқ бўлиб қолмоқда. Ўсмирлар ёки ёшлар термаси ўйнаганлардан фақат 3-4 нафарини кўришимиз мумкин. Қолганлари нима иш билан банд бу ҳаммамизга қоронғу. 

Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида футболчилар ва мураббийлар юртбошимиз томонидан муносиб тақдирланди. Хозир ўша футболчилар қани? Нима учун соврин уларга катта куч бермади? Бунга айбдор ким?  

Ҳали вақти соати келади. Барчасига секин-аста жавоб топилади. Кўзбўямачилар футболни сидқидилдан севувчи ва фидоий инсонларга ўз жойини бўшатмаса, футболдаги инқироз шундай давом этаверади. 
Президентимиз айтганларидек, "Янгисини қурмасдан эскисини бузиб бўлмайди”.   Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ва "Бунёдкор” клубининг сўнгги ўйинларида мағлубиятлар бежизга эмас. Ёшларимиз-ку нима қилаётганини ўзи билмайди. Хуллас, олдинда 2014 йилнинг 9 ойи бор. Бизга Марсело Липпидек мураббий керак эмасдур,  Месси, Роналдо ёки бўлмасин Пирлодек фидоийлар ва машҳурларни ҳам кераги йўқдур.  Аммо ватанпарвар йигитларни топиш керак. Биламан, шунча тандиқ бўлсада, лекин ўзгариш бўлмайди. Фақат ўша танқид қилган журналистда ўзгариш бўлади. Боиси унга нисбатан босим бўлади... 

Мухлисларимиз эса, аҳвол шундай қолар экан ҳеч қандай ҳақиқий ғалабаларни кўрма олмай ҳуноб бўлишда давом этади. Хуллас, бошқа спорт турларида бўлганидек, футболда ҳам улкан тарихий ғалабаларни бўлишини ҳохлаймиз.  

Жамшид Ҳожиакбаров



Категория: SPORT YANGILIKLARI | Теги: Футбол, Футболчиларимиз, Ватан шаъни
Просмотров: 1468 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 19:21
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz