Gulbahor Erqulova endi Ozodbek Nazarbekovni tanqid qildi


Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг концерт дастурлари кўпгина санъаткорлар, мутахассислар томонидан таҳлил қилиб келинади. Ҳар йили концертга тушган таниқли санъаткорлар ва журналистлар ўзи фикр ва мулоҳазаларини ижтимоий тармоқлар орқали баён этишади. Куни кеча журналист Шоира Руафбоева Озодбек Назарбековнинг концертига борганини, концерт сценарийси жуда бўш тайёрлангани, қўшиқлар устида жиддий ишланмагани, раққосаларнинг саҳна ҳаракатлари ва декорацияларда ҳам камчиликлар кўплигини томошабинга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаб, концертнинг ярмидан зални тарк этганини айтган эди. Бундай фикрларни фақат Шоира Рауфбоева эмас, балки концертга борган бошқа ёш хонандалар ҳам айтди. Фалон пулга концертга чипта олиб кирган мухлислар эса эътирозларини ижтимоий тармоқлар орқали баён этишди.
 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова дилидагини тилига чиқарадиган санъаткорлардан бири. Сўнгги вақтларда ОАВ унинг айтган гапларини тинимсиз чоп этмоқда. Интернет саҳифаларида эса Гулбаҳор Эрқулованинг номи тез-тез учрайдиган бўлди. Хонанда ўтган сафарги танқидларида хонандалар Райҳон Ғаниева, Шаҳзода, Лола Йўлдошева ва Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовани тилга олиб, уларнинг ижодини ҳамин қадар деб баҳолаган эди. Санъаткорнинг галдаги аччиқ фикрлари Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековга аталди. У ҳамкасбининг суратини Facebook’даги саҳифасига жойлаштириб, Озодбекнинг концерти ҳақидаги мулоҳазаларини ёзиб қолдирди. Доим жонли ижрода куйлашни илгари сурадиган Эрқулова Назарбековнинг жонли ижродаги концерт дастурини қоралади.
 
“‘Концертларда жонли куйлаш қаҳрамонлик эмас’, деган фикрлар кўп бўляпти. Албатта, ўзини ва халқни ҳурмат қилган санъаткор жонли куйлаши шарт”, деб ёзади Эрқулова. Хонанданинг бу мулоҳазалари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг айни дилидаги гап бўлди чоғи кўпчилик уни қўллаб-қувватлади. Бироқ улар орасида Эрқуловага қарши чиқиб, Назарбековнинг тарафини олганлар ҳам топилди.
 
Гулбаҳор Эрқулова санъаткорларнинг халқни менсимай кетиши ва концертларда жонли ижрода куйламаслигида томошабинларни ҳам айблади. Жонли ижрода бўлсин деб муҳокама қилингани билан фонограммадаги концерт дастурларида зал бўш қолмаётгандан кейин, санъаткорлар ҳам шунга яраша йўл тутишини куюнчаклик билан гапирган Эрқулова кунига икки сеанс қўйилаётган концертларда ҳам одамлар фонограммани эшитиб кетаётганини, буларга фақат қонун йўли билан чек қўйилмаса, шу алфозда қолаверишини айтди.
 
Бир қарашда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг сўзларида жон бордек. Санъаткорларнинг жонли ижрода куйлаши кўп жиҳатдан мухлисларга боғлиқ. Агар фалон сўмга чипта харид қилаётган тингловчи санъаткордан жонли ижрони талаб қилса ёки фонограмма деб эълон қилинган концертларга бормаса, жонли ижро ўз-ўзидан кучаяди. Бу ўринда Гулбаҳор Эрқулованинг танқидига нисбатан фикр билдирган мухлиснинг мулоҳазалари эътиборимизни тортди.
 
“Жонли ижрода бўлади дейишганига ишониб борган эдик.  Концертга кирган одамларнинг 70 фоизини кўнгли совуб кетди. Икки сеанс концерт бераман, деб яхши тайёгарлик кўришмаган. Биринчи қўшиқ тугамай, иккинчисига уланиб кетяпти. Ўртада қарсак чалиш деган нарсалар ҳам йўқ”.
 
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков мазмунли қўшиқлари билан халқ орасида обрў-эътиборга эга суюкли санъаткорлардан бири. Биз юқоридаги фикрлар билан хонандани қоралаш фикридан йироқмиз. Тажрибали санъаткорлар ва журналистлар, хусусан, томошабинларнинг фикр ва мулоҳазаларидан Озодбек Назарбеков ва концерт ташкилотчилари тўғри хулоса чиқаришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Маълумот учун, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков жорий йилнинг 10-20 апрель кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Меҳринг сабаб” номли концерт дастурини тақдим этган эди.


Категория: SHOU-BIZNES habarlari | Теги: Ozodbek Nazarbekov, Gulbahor Erqulova
Просмотров: 2309 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 09:18
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz