АҚШлик, танзаниялик ва мадагаскарлик олимлар гуруҳи Мадагаскар аҳолисининг учдан бири вақти-вақти билан мушук тановул қилиб туришини аниқлади. Улар бозордан сотиб олинган ўлик мушукларни эмас, балки ўзларининг уйларидаги, совғага олинган ёки ов қилиб тутилган ёввойи мушукларни истеъмол қилишни афзал кўришади. Олимларнинг фикрича, мадагаскарликларнинг бундай одати кўплаб хавфли касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин. Тадқиқот натижалари Anthrozoös журналида чоп этилди.Олимлар тадқиқот пайтида Мадагаскарнинг марказий қисмида яшовчи 512 киши ўртасида сўровнома ўтказиб, уларнинг мушук гўштини овқатга ишлатишлари сабаби ва уларни тайёрлаш усуллари, шахсий сабаблар ҳамда маҳаллий одатлар билан боғлиқ удумлар ва тақиқловлар ҳақида сўралдилар. Сўралганлардан камида учдан бири умрида бир марта бўлса ҳам мушук гўштини тановвул қилганини тан олди, улардан ярми эса яқин ойлар ичида мушук гўштини истеъмол қилгани маълум бўлди. Улардан деярли бирортаси ҳам мушук гўштини яхши кўрганлари учун тановул қилгани айтмаган ва фақатгина бир неча кишигина буни очлик сабабли қилганини айтган. Олимларнинг айтишича, мамлакатда мушук гўшти бошқа маҳсулотлар етишмагани учун эмас, балки оқсил манбаи сифатида истеъмол қилинади. Бироқ бундай хулосалар чиқариш учун батафсилроқ тадқиқот талаб этилади.Олимларнинг таъкидлашича, ўлик ёки уриб кетилган ҳайвонларни тановул қилиш ботулизм, Лайм касаллиги, қайталама терлама ва токсоплазмоз каби жиддий касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун тадқиқотлар ўтказилиши эпидемиялар хатарини баҳолаш ва уларнинг ривожланишининг олдини олиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ишини яхшилаш учун зарур. Тадқиқотнинг кейинги босқичида аҳоли томонидан қутуриш ташувчилари бўлиши мумкин бўлган итларнинг тановул қилинишини билиш мақсадида сўровнома ўтказилади. Мадагаскарда аксарият ҳайвонлар вакцинация қилинмайди.Мушук гўшти кўп халқларда тановул қилинади, биргина Осиёнинг ўзида бир йилда 4 млн дона уй мушуги истеъмол қилинади.
|