“Меҳр нури” грантларига қандай эришиш мумкин?

2-19 августгача республикамизнинг барча ҳудудларида кичик тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини бошлаш арафасида турганлар учун маҳорат дарслари ўтказилди.

 

Бу ҳақда "Меҳр нури” жамғармасида лойиҳалар ва фонд бўйича координатор Гулноза Абдуллаева шундай дейди:

— "Меҳр нури” жамғармаси ҳар йили анъанавий тарзда оилавий тадбиркорлик ва фермерлик йўналиши асосида кичик бизнес, хусусий  тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар дастури учун танлов ўтказиб келади. Биз ана шу дастур доирасида ҳар бир вилоятда маҳорат дарсларини ўтамиз. Унда қатнашувчиларимиз керакли ҳужжатларнинг тарқатма материалларини олишади, танлов тўғрисида барча маълумотларга эга бўлгандан сўнг ҳужжат топширишади.


Танлов икки босқичда олиб борилади:     

1.         Биринчи босқичда ҳужжатлар кўриб чиқилади ва саралаб олинади.

2.         Биринчи босқичдан ўтган қатнашувчилар  иккинчи босқичга, яъни суҳбатга таклиф этилади.


Бу босқичда иштирокчилар лойиҳалари тақдимотини қилиб беришади ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан бериладиган қуйидаги каби бир қанча саволларга жавоб беришлари шарт:

ишлаб чиқарадиган маҳсулоти ҳудудга керакми ёки керак эмасми?

ишбилармонлик қобилияти борми?

бошлаган ишини ўзи ривожлантира оладими?

Барча саволларга жавоб олган ҳакамлар йиғилиб, натижани аниқлашади. Танловда ғолиб бўлган қатнашувчилар ғолиблик сертификатини қўлга киритишади ”.  


ҲУЖЖАТЛАР ҚАБУЛИ 10 КУНДАН КЕЙИН...

"Меҳр нури” жамғармаси томонидан "Кичик ва Ўрта тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар” дастурига бир ой давомида — 15 сентябрдан 15 октябргача ҳужжатлар қабул қилинади. 


КИМЛАР ҚАТНАШАДИ?

Танловда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи озиқ-овқат, тўқимачилик,

касаначилик ва ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, деҳқончилик, чорвачилик ёки паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлганлар  иштирок этиши мумкин.


ТАЛАБ ҚИЛИНАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР:

1.         Иштирокчи анкетаси.

2.         Бизнес-режа.

3.         Паспорт нусхаси (рўйхатга қўйилганлиги ҳақидаги саҳифаси билан)

4.         Маҳалла қўмитасидан тавсия хати.

Энг асосийси саралашда лойиҳанинг янгилиги инобатга олинади.

Оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор берилади. Танлов иштирокчиларининг ҳужжатларини Савдо-саноат палатаси, фермерлар кенгаши, тадбиркор аёллар уюшмаси ва бир қатор ташкилот раҳбарлари ўрганиб чиқишади ва баҳолашади.


РАҚАМЛАРДА

2006-2012-йиллар мобайнида дастурда 112 иштирокчи ғолиб бўлиб, уларга умумий ҳисобда 231 миллион сўм ажратилган.


ГРАНТ СОҲИБЛАРИ НИМА ДЕЙДИ?

Биз ўтган йиллар давомида мазкур грантларнинг соҳибига айланган юртдошларимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билдан қизиқдик.

 

Шаҳло Жалилова, Андижон вилояти, Олтинкўл тумани:

— Мен 2012 йил "Меҳр нури” жамғармаси томонидан ўтказилган "Кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар ” дастурига ҳужжат топширдим ҳамда чорвачилик бўйича тузиб чиққан бизнес-режамни тақдим қилдим. Ҳужжатларим кўриб чиқилгандан сўнг, ўз бизнес лоҳиямни ёқлаб бердим. Ҳакамлар ҳайъатига тақдим этган бизнес-режам ижобий баҳоланди ва ғолибликни қўлга киритдим. Ташкилотчилар томонидан сертификат ҳамда икки ярим миллион пул мукофоти совриндори бўлдим. Ўз ишимни битта чорва мол етиштиришдан бошлаганман. Ўша биргина чорва мол пулини сарҳисоб қилиб,  бизнес-режамни тузиб чиқдим. Ғолиб бўлганимдан сўнг чорва молларим сони тўрттага етди. Келажакда режаларим жуда ҳам кўп. Кейинчалик зотдор молларни етиштириб, чорвачилик бўйича фирма ташкил этмоқчиман. Бундан ташқари кўпгина аҳолини иш билан таъминламоқчиман.

 

Мирмуҳаммад Қосимов, Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани:

— Мен 2012 йил чорвачилик йўналиши бўйича ушбу танловда ғолибликни қўлга киритдим. Шундан сўнг чорвачилик билан боғлиқ кўпгина муаммоларим ўз ечимини топди. Менга 2,5 млн сўм миқдорида грант  берилди. Бу пулга қорамол ва чорва озуқаси  сотиб олдим. Ҳозирда қорамолларим сони тўрттага етди. Келажакда қорамоллар сонини кўпайтириб, сут маҳсулотларини етиштиришни ҳам йўлга қўймоқчиман.


Элмурод Эрматов, Тошкент вилояти, Паркент тумани:

— 2010 йилда "Кичик ва ўрта тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган грантлар ” дастурида асаларичилик бўйича ғолибликни қўлга киритдим ва сертификат ҳамда 1,5 млн. сўм пул билан мукофотландим. Мен ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилган бизнес-режамда асаларининг қандай боқилиши, шароити, асалдан қайси маҳсулотлар олиниши тўғрисида маълумотлар келтириб ўтганман.

Ғолиб бўлишимдан олдин бешта асалари оиласини етиштирган бўлсам, ҳозирга келиб уларнинг сони ўн олтитага етди. Келажакда беш-олти гектар ер олиб, сунъий урчитишни йўлга қўймоқчиман.

Феруз Қурбонов, Бухоро вилояти:

— 2012 йил бу дастурда  иштирок этиб, ҳунармандчилик йўналиши бўйича ғолибликни  қўлга киритдим ва сертификат ҳамда 2,5 млн. сўм пул ютуғи билан мукофотландим. Менга бир йил давомида бешта шогирд тайёрлаш вазифа қилиб топширилган. Ҳозирда улар билан бирга ишлаяпман.


Раҳима Қозоқова, Навоий вилояти, Нурота тумани

— Бизнинг ҳудудда асосан чорвачилик билан шуғулланишади. Мен 2012 йилда жун ва жун маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ғолибликни қўлга киритдим ва 2,5 млн. сўм пул ютуғига эга бўлдим. Грантга эга бўлмасдан олдин пайпоқ, жун гилам, кигиз, олача тўқиб, уларни фақат чўпонларга сотардим. Аммо ҳозирги кунда соҳамни анча кенгайтирдим. Ҳозирда олтита ишчим бор. Улар билан жемпер, рўмол, болалар учун балеро тўқиймиз.

 



Категория: TANLOVLAR | Теги: Mehr Nuri
Просмотров: 1733 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 16:08
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz