Ноябрь премьераси: янги “007” кино ишқибозларини ҳайрон қолдира олдими?

Британия разведкасининг суперагенти Жеймс Бонд ҳақидаги йигирма тўртинчи фильм.
Бош ролларда: Дэниэл Крэйг, Леа Сейду, Кристоф Вальц, Рэйф Файнс, Наоми Харрис, Эндрю Скотт, Бен Уишоу; камеода Моника Белуччи; режиссёр – Сэм Мендес. Ҳолливуд киноларининг ишқибозларига бу номлар жуда яхши таниш. Улардан ташкил топган ижодий жамоадан нафас ютиб навбатдаги дурдонани кутаётган эдик. Кутганимиздай бўлиб чиқдими?
Воқеалар Мехикода, халқ сайли чоғида бошланади. Ажабтовур ниқоб тақиб олган Бонд ўн минглаб одамлар ичидан ўзига керакли шахсни – шаҳарда кўпорувчилик ҳаракати уюштиришни режалаштираётган террорчи Марко Скьяррани осонлик билан топади. Лекин уни йўқ қилиш унчалик осон кечмайди – аввал улкан бино кунпаякун қилинади, сўнг икки рақиб сайлга чиққан аҳолининг боши узра вертолёт ичида думалашиб курашади.
Ғалабага, ҳар доимгидай, Бонд эришади.
Бу фильмдаги энг биринчи ва энг яхши саҳна бўлди. Ундан кейин эса мутлақо тушунарсиз ва бемаъни югур-югурлар бошланиб кетди (эслатиб ўтамиз, қаҳрамонларнинг деярли барчаси китобдан олинганига қарамай, сюжет Бонд ҳақидаги романларга алоқадор эмас). Марҳум М (Жуди Дэнч) ўз видеовасиятида Ванга ҳавас қилса арзийдиган аниқлик билан келажак воқеаларини башорат қилади-ю (ҳаммасини билар экансан, нега йиллар давомида асосий душманларингни йўқ қилишга ҳаракат қилмадинг?), Бонд ҳеч қандай эҳтиёжсиз дунё кеза бошлайди, йўл-йўлакай уни бир-биридан мантиқсиз саргузаштлар таъқиб қилади...
Бу Дэниэл Крэйг ижросидаги охирги Бонд эди. Лекин тетралогия ижодкорлари бир-бири билан чиройли хайрлашишни истамаган кўринади: сценарийнавислар қизиқроқ сюжет устида бош қотириб ўтиришмаган, режиссёр эса оригинал топилмалар билан мухлисларни қувонтириш ўрнига хронометражни кинематографда миллион марта такрорланайвериб сийқаси чиқиб кетган киноштампларга тўлдирган. Фильм шу қадар жўн, зерикарли ва соддаки, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларини ва сюжет бурилишларини бемалол олдиндан топиб ўтирдим: мана ҳозир разведканинг янги бошлиғи Макс Денби (Эндрю Скотт) шошилиб кабинетига киради, чироқни ёқади, хонанинг бир четида эса уни ўзи қидираётган рақиби – янги М (Рэйф Файнс) кутиб ўтирган бўлиб чиқади; бош қаҳрамон йигит бош қаҳрамон қиз ўзини мудофаа қила олиши учун унга тўппонча беради, бундан олдин бу ўйинчоқни қандай ишлашини кўрсатади, тепкининг қаердалигини кўрсатишдан бошлайди, албатта; бир қарашда беозор қизалоқ эса қуролни шартта қўлига олиб, сафарбарликдаги ҳарбий хизматчи мисоли саноқли сонияларда сочиб ташлайди; Бонд жиддий тафтиш арафасида турибди, лекин нимагадир раҳбарият бунга қарши, лойиҳа жуда “вақтида” ёпилади, натижада бош қаҳрамон бир ўзи қолиб кетади.
Тетралогиянинг биринчи қисми бўлмишРояльказиносида илгариги Бондларга хос баъзи бир штамплардан (“Бонд. Жеймс Бонд”; “Ароқли мартини. Силкитинг, аралаштириб юборманг”) қочилгани энг катта муваффақиятлардан бири деб топилган эди. Таассуфки, “Спектр”да уларнинг барини ўз ўрнига қайтаришга қарор қилинибди.
Фильм сюжетини илгариги қисмлар билан боғлашга ҳаракат қилингани уни янада беўхшов қилиб қўйган, негаки бу боғланиш тамоман сунъий бўлиб, ақлини бироз ишлатган томошабиннинг кулгисигагина сабаб бўлади. Гўёки илгариги қисмларда чиққан рақиблар “Спектр” аъзолари эмиш-у, улар Франц Оберхаузер (Кристоф Вальц) томонидан атайлаб Бонднинг йўлига ташланган эмиш. Лекин улар ўртасида қуруқ сўзлардан бошқа бирорта мантиқий боғлама йўқ: бу душманлар Бондни қидириб келгани йўқ, аксинча, агент ўзи уларнинг изига тушган. Уларнинг қилган ишлари ҳам “Спектр”нинг фаолияти ва мақсадларига мутлақо мос келмайди. Бош душманнинг Бондга тутинган ака бўлиб чиқиши эса болалигимда урф бўлган ҳинд фильмларини эслатиб юборди. “Америкача гўзаллик”, “Лаънатланган йўл”, “Ўзгаришлар йўли” сингари дурдона фильмларни фахрий рўйхатига ёзиб қўйган Сэм Мендесдай кучли режиссёр бундай иккиламчи ва сифатсиз картинани тасвирга олиши уят!
Майда хатоларни (Мехиконинг марказида бутун бошли бино тўкилиб тушса-ю, ундан бир чақирим наридаги одамлар ҳеч нарсадан бехабар байрамни давом эттирса!) санаб ўтирмадик энди, бунга вақт ҳам, тоқат ҳам йўқ.
Русча тақризларда фильмнинг жанг саҳналари ва махсус эффектлар кўп мақтовларга сазовор бўлди. Аммо, бу эпизодларнинг кенг миқёсли ва қиммат эканлигига қарамай, уларда ҳеч қандай оригинал саҳна, бир дона ҳам ўзига хос каскадёрлик трюки йўқ, барчаси эски анъанавий арсеналдан кўчирилган. Пойга саҳналарида шахсан мен машиналарнинг ғувиллашидан бошқа нарсани кўрмадим, жанг саҳналари эса шу қадар жўн ва аҳмоқона олинганки, беихтиёр Жеймс Бонд қўрқинчли кўринишга уринаётган масхарабозларга қарши курашаяпти, деб ўйлайсиз. Дарҳақиқат, кинотасма Бонд ҳақидаги фильмларнинг пародиясига ўхшаб қолган.
Майли, Дэниэл Крэйг, Бен Уишоу, Наоми Харрис, Рэйф Файнс, Леа Сейду – булар бондиананинг анъанавий қолипидан чиқиб кета олмайдиган образларни жонлантирган, дейлик, Моника Белуччига эса шунчаки етарли экран вақти ажратилмаган. Лекин Кристоф Вальцдай буюк актёрдан кўпроқ нарсани кутишга ҳақли эдик.
“Ёмонотлиқ разиллар фильмида штандартенфюрер Ганс Ландани гавдалантирган австриялик юлдуз бутун дунёни ҳайратга солиб, бир уринишдаёқ Оскарга сазовор бўлди; “Озод қилинган Жанго”да ҳам эскисидан қолишмайдиган мафтункор ролни ижро эта олди. У ҳатто франшизанинг илгариги қисми бўлмиш “Координаталар: “Скайфолл”да бош ярамас образини яратган бетакрор актёр Хавьер Бардемни ҳам ортда қолдириб кетса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин ишонч оқланмади.
Сюжетга кўра, Кристоф Вальц Бонднинг илгариги барча душманларига бошчилик қилган, ўта ақлли, айёр ва хавфли жиноятчи. Бироқ актёр бу вазифанинг уддасидан чиқа олмаган. Вальц ижросидаги Оберхаузер ўзини эплай олмайдиган болакайга ўхшайди, ҳазилкаш бизнесменга ўхшайди, лекин юқорида тасвирланган шахсга ўхшамайди. У улкан синдикат раҳбари, дунёнинг энг хавфли жиноятчиси эмас, штандартенфюрер Ландага тақлид қилишга чиранаётган масхарабозга ўхшаб қолган. Бир сўз билан айтганда, Бондлар тарихидаги энг беозор ва зарарсиз жиноятчи.
Вальцга “Энг ёмон роль” номинациясини бериб қўймасликка бор кучи билан ҳаракат қилган бошқа бир инсонни ёдга олмай бўлмайди. Оберхаузернинг ўнг қўли, Бонднинг ашаддий таъқибчиси мистер Хинкс образини яратган таниқли рестлер, яккакураш устаси Дэйв Батиста фильмдаги бошлиғини шармандали номинациядан асраб қолди. Бу одам 30 ёшидан буён 13та фильмда қатнашди, лекин ҳалигача кино учун туғилмаганини тушуниб етмади. Савиясизлиги боис Батиста Бонднинг ашаддий таъқибчисини юқорида тилга олинган масхарабозлар тўдасининг раҳбарига айлантириб қўйди: Бонд қаерда бўлса, Хинкс ҳам ўша ерда, лекин, ёнида ўнта одами ва бир дунё қуроли бўлишига қарамай, агент уни жуда оддий усуллар билан ёки тасодифлар туфайли доғда қолдиради, натижада “зўравонлар қироли” Африка чўлларида аҳмоқона ўлим топади. Умид қиламанки, Мендес бу бесўнақай мушаклар уюмини ростанам ўша чўлларда адаштириб келган ва энди унинг аянчли ижросини катта экранларда бошқа кўрмаймиз.
Камдан-кам ютуқлардан бири саунд-трэкдир. Томас Ньюман ижодидан бўлган дилбар ашула фильм бошида янграб, томошабинларни бироз овутади.
Энг яхши кадр – биринчиси. Мехикодаги фестиваль. Узундан-узоқ кадр улкан скелет муляжидан бошланиб, бир дақиқадан сўнг ер билан битта бўладиган бино томида тугайди.
Энг ёмон кадр – мистер Хинкснинг бўйнига чирмалиб қолган арқон уни поезддан ташқарига тортиб кетишидан олдин ўрта планда Батистанинг қиёфаси кўрсатилади. Бу қиёфа бир сониядан сўнг ҳаёт билан видолашадиган одамнинг ҳис-туйғуларини акс эттирмайди; у пародияларда учрайдиган “кулгили ўлим” саҳналарига мос, Бонд ҳақидаги фильмга эмас!
Хулоса: ёмон. Жуда ёмон. Қўл учида олинган.
 

 


Категория: KINO YANGILIKLARI | Теги: қолдира олдими, Кино, премьера, ЯНГИ, Ноябрь, 007, ҳайрон, ишқибозлар
Просмотров: 1288 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 15:36
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz