Англиянинг «Челси» клубининг навбатдаги бош мураббийи ҳозирда Германиянинг «Бавария» клубини бошқараётган Хосеп Гвардиола бўлиши мумкин. Бу ҳақда Guardian нашри хабар тарқатди.Манбанинг ёзишича, шахсан Роман Абрамовичнинг ўзи испаниялик мутахассисни лондонликлар бош мураббийи лавозимида кўришни истамоқда.«Челси» жорий мавсумни Англия чемпионатида ҳам, Европа чемпионлар лигаси учрашувларида ҳам ёмон натижалар билан ўтказмоқда. Шунингдек жамоа футболчилари ҳам амалдаги мураббий Жозе Моуриньонинг клубдаги фаолиятидан норози бўлишмоқда.Футболчиларнинг фикрига кўра, Моуриньо, жамоа яримҳимоя чизиғини танлашда қўпол хатоликларга йўл қўймоқда. Айниқса, Оскар ва Радамель Фалькаонинг таркибга киритилмаётгани катта мунозараларга сабаб бўлаяпти. Муваффақиятсиз ўйинларига қарамай Бранислав Ивановичнинг асосий таркибда мунтазам туширилиши ҳам унинг рақобатчиларига маъқул келаётгани йўқ, деб ёзилади манбада.Эслатиб ўтамиз, Гвардиоланинг амалдаги шартномаси келгуси йил ёзда ўз ниҳоясига етади. Олдинроқ мураббийнинг «Манчестер Сити» билан оғзаки келишувга эришиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
|