Париж воқеалари: Учинчи жаҳон уруши бошландими?


2015 йилнинг 13 ноябри Франция тарихига мудҳиш кунлардан бири сифатида кирди. Одатдаги кунларнинг бирида ҳамма кундалик юмушлари билан банд эди. Кимдир савдо қилган, кимдир дўстлари билан кафе-ресторанларда суҳбатлашиб ўтирарди. Ўн минглаб мухлислар эса Франция ва Германия терма жамоаларининг ўртоқлик ўйинини томоша қилиш учун стадионга жам бўлишган. Аммо шу лаҳзаларда сокин ҳаётга бир гуруҳ қотил ва жиноятчилар қиёфасида нотинчлик ва қўрқув кириб келди; терроризм деган сўз аввал Парижни, сўнгра бутун дунёни оёққа қалқитди. Гарчи шу вақтга қадар сайёрамизнинг турли қисмларида қўпорувчилик ҳаракатлари, қуролли можаролар давом этиб келаётган бўлса-да, Парижнинг етти жойида уюштирилган, 132 кишининг умрига зомин бўлган терактлар ва отишмалар бу таҳдид ривожланган, энг замонавий қурол-аслаҳалар ва кучли стратегияларга эга бўлган юртларга ҳам хавф сола олишини кўрсатди. Париж воқеалари аввал атроф-теваракда содир бўлаётган шу каби ҳодисаларга лоқайд, бепарво қараб турган давлатлар, ҳукуматлар ва ҳаттоки, оддий фуқароларни ҳам яна бир бор огоҳликка, эҳтиёткорликка даъват қилди, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, диний экстремизм ва бошқа трансмиллий таҳдидларга қарши кураш учун барча кучларини бирлаштириш вақти аллақачон етиб келгани ҳақида дунё ҳамжамиятига бонг урди.
Париж воқеалари нафақат Франциянинг миллий хавфсизлигига жиддий рахна солди, балки Европада кузатилаётган муҳожирлар инқирози масаласини ҳал этиш лозимлигини ҳам кун тартибига олиб чиқди. Бу бўйича кескин чоралар ҳам кўрила бошланди. Шунда юз минглаб қочқин ва муҳожирлар тақдири савол остида қолди: энди уларнинг бошига қандай синовлар, кўргуликлар тушади? Европа уларни қайтариб юборадими? Бу каби саволларнинг қаҳратон қиш эшик қоқиб турган пайтда янграётгани уруш исканжасидан қочиб, минг қийинчиликлар билан шу ерга қадар етиб келган кишиларнинг яна бир катта ҳаёт-мамот синови – қорли-қировли кунларда оч-наҳор, бошпанасиз қолиши мумкинлигини ёдга солади. Воқеалар ривожидан озми-кўпми хабардор инсон сифатида айтиш мумкинки, қочқинларни умидбахш янгиликлар кутаётгани йўқ. Улар икки ўт ичида қолишган: на ортга – ҳар куни юзлаб тинч аҳоли вакиллари жон бераётган уруш домига қайта олишади, на тинчлик ва рўшнолик истаб келган жой – Европада қўним топа олишади.
Париж воқеалари нафақат муҳожирлар, балки Европада истиқомат қилаётган, тараққий этган давлатларнинг фуқаролари ҳисобланган мусулмонларнинг ҳам тинчлиги, осойишталигига ҳам путур етди. Ўзларини маданий жиҳатдан ривожланган жамиятга мансуб деб ҳисобловчилар орасида мусулмонлар, ислом динини кўр-кўрона ҳақорат қиладиган сони кўпайди, бу каби воқеаларга бошқалар сукут билан жавоб бермоқда. Шунинг учун бўлса керак, бирор ожиз мусулмоннинг ёнини олганлар дунё қаҳрамонига айланмоқда, интернет, оммавий ахборот воситаларида аслида ҳар ким қилиши мумкин ва инсонийлик нуқтаи назарида шарт бўлган бу иш қаҳрамонликка тенглаштирилмоқда. Оддий мисол, яқиндагина лондонлик Эшли Поуис жамоат транспортида бир мусулмон аёлни “террорчи” деб ҳақорат қилишаётган вақтда ўнлаб йўловчилар орасида унинг ёнини олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Париж воқеалари Европанинг ҳамжиҳатлиги ва бирлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, ушбу ҳодисаларга алоқадор бўлган шахслардан уч нафарининг Бельгия фуқароси экани, бўлиб ҳам уларнинг барчаси Моленбек туманида яшагани Париж ва Брюссел ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Бельгия Париждаги терактлардан сўнг бошланган тергов ишларида махсус хизматлари фаол иштирок этиб, террорчиларнинг шахси ва улар жойлашган ҳудудларни аниқлашда ёрдам берганини, аммо Франция раҳмат айтиш тугул, воқеаларда Брюсселни айблаганидан норозилиги билдирди. Воқеалар шу таҳлит давом этса, яқин келажакда Европа Иттифоқининг мавжудлиги ҳам савол остида қолиши аниқ. Чунки Еврокенгаш асосини ташкил қиладиган илғор давлатлардан Франция, Германия, Британия ва Бельгия ўртасида айнан муҳожирлар ва Париж воқеалари сабаб кўплаб тушунмовчилик ва келишмовчиликлар вужудга келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иттифоқ тузилиши, асосларини ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган ишларда манфаатлар тўқнашувини пайдо қилмоқда. Британиянинг ислоҳотларда ўзи учун алоҳида мақом талаб қилаётгани, қолаверса Еврокенгашдан чиқиш тўғрисидаги референдум ўтказилиши борасида гап-сўзлар фикримиз далилидир.
Париж воқеалари халқаро терроризм, хусусан Ироқ ва Сурияда бир томондан АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция, бир томонда Россия ҳарбий ҳаво кучлари томонидан олиб борилаётган ҳарбий амалиётларнинг кучайишига олиб келди. Ушбу кучлар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида фаол музокаралар олиб бормоқда. Россия ҳарбий авиация билан бир қаторда, қанотли ракеталар билан зарбалар беришда АҚШ томонини огоҳлантираётган бўлса, қирувчи ва бомбарбимон самолётларнинг эҳтимолий тўқнашувларининг олдини олиш бўйича ҳам мамлакатлар, хусусан, Исроил ва Россия ўртасида штаблараро келишувларга эришилган. Бундан ташқари, Сурия ва Ироқда олиб борилаётган жанг ҳаракатларининг самарадорлигини ошириш мақсадида янги халқаро коалиция тузиш, ер устида жанг ҳаракатларининг олиб бориш, ИШИД моддий таъминотига рахна солиш ва бошқа масалалар юзасидан турли таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилмоқда, учрашув ва музокаралар ташкил этилаяпти. Бир сўз билан, Иордания қироли Абдулла II таъкидлаганидек, ИШИД дунёда учинчи жаҳон урушини бошлаб берди.
Париж воқеалари сабабли қарийб барча мамлакатларда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Табиийки, бу фуқароларнинг тинч ва одатий турмуш тарзига таъсир кўрсатади. Шу вақтга қадар ҳеч ким эшигингиз қўнғироғини чалмаган бўлса, энди кунда-кунора ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари ходимлари хавфсизлик текширувини ўтказади, кўча-кўйда, жамоат жойларида қатъий назорат ўрнатилади. Бир сўз билан айтганда, тинчлигингизни бузаверишади. Бунда сизнинг қайси давлатда яшаётганингиз аҳамиятга эга эмас. Осойишталик, тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сураётган юртимизда ҳам хавфсизликни таъминлашга янада кучлироқ эътибор қаратилаётганини эшитаяпмиз, ўзимиз-да бунга гувоҳ бўлаяпмиз. Бу табиий ҳолат, бекордан-бекорга, кўнгилхушлик учун ўтказилаётгани йўқ. Буни тўғри тушунишимиз ва огоҳ, хушёр бўлишимиз керак.
Париж воқеалари сабабли, эҳтимол, оммавий ахборот воситаларида терроризмга қарши кураш мавзуси жуда кўп тилга олинаётгандир, унинг ташкилотчиси ҳисобланган ИШИД масаласи ҳам айримларнинг меъдасига тегиб улгургандир. “Жонга тегди шу Париждаги теракт, ИШИД деган сўз”, дейдиганлар ҳам етарлича топилади. Ҳақиқатдан ҳам, терроризм, диний экстремизм оқибати, мевалари бўлмиш бу сўзлар бугун жаҳон трендига чиқди. Чунки бутун дунёнинг тинчлиги ва барқарорлиги, сайёрамизда яшаётган ҳар бир кишининг келажаги ва тақдири мазкур масаланинг ҳозир ва шу ерда ҳал этилишига чамбарчас боғлиқ бўлиб турибди. Терроризм шу қадар катта хавфга айландики, бугун уруш олови ичида қолаётган Яқин Шарқ ёки Шимолий Африкадаги беқарор давлатларгина эмас, иқтисоди ривожланган, ҳарбий салоҳияти қудратли ва дунё ҳамжамиятида тутган ўрни мустаҳкам бўлган мамлакатлар ҳам унинг нишонига айланмоқда. Шундай экан, огоҳликка, эҳтиёткорликка чорловлар ҳали-бери тугамайди, токи ИШИДнинг сўнгги жангариси йўқ қилингунига қадар, терроризм илдизлари жамиятдан узил-кесил юлиб ташлангунига қадар бу масала куннинг долзарб мавзуси сифатида янграйверади.
Санжар РУСТАМОВ


Категория: DUYNO XABARLARI | Теги: бошландими, Париж воқеалари, Учинчи жаҳон уруши
Просмотров: 3078 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 08:46
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz