Ra’no Yarasheva: “Shahnozabonu o‘limni ham mardonavor qabul qildi”


Бугун, 14 март тонгида хонанда Шаҳнозабону 42 ёшда оламдан кўз юмди. Бу хабар бутун шоу-бизнес вакиллари, хонандани таниган-билганларни эсанкиратиб қўйди.  
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева “Qalampir.uz” нашри билан суҳбатда марҳума Шаҳнозабонуни хотирлади.
“Шаҳнозабону қалбимизни парчалаб, кўзимизни ёшга тўлдириб кетди. У билан 1997 йилда танишганмиз. Ўшанда Шаҳноза Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини маромига етказиб куйлаб чиққанди. Бирор ерга борсам ҳам машинадан тушмай, унинг қўшиқларини эшитиб ўтираверардим. Бир куни туғилган кунимга қўлида совға-салом билан бир қиз кириб келди. “Мен Шаҳнозабонуман”, –  деб ўзини таништирди. Ўшандан буён қалин опа-сингилларга айландик. Синглиси Ферузани узатганида бориб ёнида турдим, келин саломларини ўтказдим. Кейин “Қизалоғим” номли шеъримни қўшиқ қилиб куйлаб чиқди. Мана, неча йилларким бу қўшиқ одамлар тилидан тушмай келяпти.
Бир куни Шаҳноза ўғлимни уйлантирмоқчиман, яхши қизлар бўлса, тавсия қилинг, дедим. Амакиларининг қизи борлигини айтди. Йўқ, санъаткорлар оиласидан бўлса, яхши бўларди, синглингиз-чи десам, “Синглим соддароқ, сизга маъқул бўлармикин”, – деди. Тақдир экан, ўғлимга Шаҳнозабонунинг синглисини келин қилдик. Шаҳноза синглисини ота-онасига тиргак бўлиб, ҳеч кимдан кам қилмай узатди. У жуда жигаржон, меҳрибон, борини яқинларига, опа-сингилларига улашадиган, ўзида бор нарсани бошқаларда ҳам бўлишини ният қиладиган аёл эди.

Шаҳнозабону ҳамма таърифлаётганидек мард аёл эди. У ўлимни ҳам мардонавор қабул қилди. Умуртқа бўйин соҳасидаги жарроҳлик операциясига бошқалар билан маслаҳатлашиб, охирини ўйлаб ўтирмай рози бўлди. Хусусий клиникида операция ўтказилди, аҳволи ёмон эмасди. Яратганнинг иродаси шу экан...

Шаҳноза онасининг ўлимидан кейин анча сўлиб қолди, анчагача ўзига келолмади. Аслида дунёда яқин кишисини йўқотгандан оғир дард йўқ. Шаҳноза бундай йўқотишларнинг кўпига бардош берди, бироқ онасининг вафотига эмас... Ортидан бўзлаб қолган қизи Умидани ўйласам... У яккаю ягона қизини еру-кўкка ишонмасди.

Шаҳнозабону яшашни яхши кўрарди. Унинг бошидан кўп қийинчиликлар ўтган, оғир кунларни аёл боши билан енга олган. Бироқ ҳеч қачон бировга ичидаги дардини, муаммоларини айтмасди, ҳаётдан завқланиб яшайдиганлардан эди. Шунча йил қуда-андачилик қилган бўлсак, сиз деган гапимиз сенга бормаган. Бу ҳам бўлса Шаҳнозабонунинг одамгарчилиги ва салом-аликни ўрнига қўйишидан далолат”—дейди актриса. 
Маълумот учун, актриса Раъно Ярашева Шаҳнозабонунинг синглиси Наргизани келин қилган.


Категория: SHOU-BIZNES habarlari | Теги: Ra’no Yarasheva, Shahnozabonu
Просмотров: 2414 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 17:50
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz