Санъаткорлар излашиб зўрин, бир-бирининг қуритар шўрин


“Эътироф-2015” тақдирлаш маросимида “Ниҳол” мукофоти совриндори хонанда Малика Эгамбердиеванинг “Йилнинг энг яхши эстрада аёл хонандаси” номинацияси совриндори сифатида эътироф этилиши, кўплаб санъаткорларнинг кинояли табассумига, мухлисларнинг ҳайратига сабаб бўлди. Бу орада “Малика бу йил нима иш қилганди, тайин қўшиқ чиқардими” қабилидаги гап-сўзлар урчигандан урчиди. Маликани айбдор санаб, уни бу мукофотга нолойиқ деб чиққанлар ҳам топилди.
“Эътироф” – ўз номи билан миллий мукофот! Уни топширишда бир санъаткор ёки ҳунарманднинг миллий юксалиш йўлидаги хизматлари, давлат ва жамият ривожи йўлидаги меҳнатлари, мамлакатимизда олиб борилаётган Ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб этишга қўшган ҳиссаси инобатга олинади. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, бу мукофот Малика Эгамбердиевага ўз-ўзидан ёки бошқа хонанда йўқлигидан берилгани йўқ. Эгамбердиеванинг ижодида “Шукур қил”, “Жаннат маконим менинг”, “Шойи” каби бир қанча қулоққа таниш, тингловчилар яхши кутиб олган қўшиқлари бор. Тўғри, бу мукофотга бу йил самарали ижод қилган санъаткорлардан Шаҳзода, Райҳон ва Манзура ҳам лойиқ эди. Бироқ мукофотни олиш ёки олмаслик Маликанинг қўлида эмас-ку. Маъноли қўшиқ айтиши, калта юбка, тор шим кийиб, ҳозирги ёшларга ёқадиган оммавий маданият ниқоби остидаги ажнабий ҳаракатлар билан қўшиқ куйламаслиги унинг айби эмас-ку. Энг муҳими у ўтган йиллар ичида ўзини кўрсата олди. Балки бу мукофотнинг самараси ўлароқ ижодга янада маҳкамроқ бел боғлар.

Сайтимиз учун Эгамбердиева билан интервью қилиш мақсадида унинг маъмури билан боғландик. Хонанданинг маъмури Малика айни кунларда умуман интервью бермаслигини маълум қилди. Ижодкорнинг кўнгли нозик дейишади. Ким билади дейсиз, атрофдаги учирма гаплар, ғийбатлар Маликанинг кайфиятига таъсир ўтказиб, мукофот ҳам татимаётгандир, балки.
“Санъаткорлар излашиб зўрин, бир-бирининг қуритар шўрин!” “Эътироф-2015” дан сўнг санъат вакилларининг ижтимоий тармоқларда қолираётган изоҳларини ўқиб Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг юқоридаги мисралари ёдимга тушди. “Гадонинг душмани – гадо бўлади” деб бекорга айтишмайди. Омад тилаб қўллаб-қувватлаш, бировнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қўйиб берсанг соч юламан деб турганларни кўриб ҳайратда қолдик. Бир мукофотнинг кучи шунчалик бўлсая? Халқ учун хизмат қиламан деган санъаткор қани? Ё улар ўзининг бор-йўқ меҳнатини бир темир матох-у номи ёзилган диплом билан ўлчайдими?

Шу ўринда “Йил хонандаси” деган тушунчанинг нисбийлигини ҳам унутмаслик керак. Бунда бирор хонанданинг нафақат бу йилдаги, балки ўтган йиллардаги меҳнатлари, унинг халқ орасидаги обрў эътибори, томошабин ёки тингловчига бераётган маънавий озуқаси ҳам инобатга олиниши керак. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак Малика бу мукофотга лойиқ кўрилдими, демак у лойиқ. Миллионлар эвазига сотиб олинган, пулдан ясалган саҳна билан асл санъатнинг, ҳақиқий санъаткорнинг фарқи бор. У урунади, туртинади, қоқилади... Ва ниҳоят юзага чиқади. Биз бу вазиятда кимнингдир ижодини камситиб, Маликани кўкларга кўтариш фикридан йироқмиз. Аксинча унга имкон бериш, ўзини кўрсатишга йўл очиб бериш керак. 


Категория: SHOU-BIZNES habarlari
Просмотров: 1252 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 10:34
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz