Остоналик тадбиркор Қўнис Олимжонов ўғли қандай қилиб экстремистлар таъсирига тушиб қолгани ва бундай вазиятда ота-оналар фарзандларининг қандай хатти-ҳаракатларига жиддий эътибор беришлари зарурлиги ҳақидаги фикрларни билдириб ўтди.Тадбиркор ўз воқеасини Остонада аввалги ҳафта бўлиб ўтган “Экстремизмга қарши курашиш механизмларини ишлаб чиқиш” анжуманида сўзлаб берди.Қўнис Олимжоновнинг ўғли Мирзаҳмад Олимжонов ҳақида 1,5 йилдан бери ҳеч қандай хабар йўқ. Унинг ота-онаси фарзанди кўйида куйиб адо бўлди. Ўзига тўқ ва яхши оила фарзанди, остоналик йигит отасининг тахминича Сурияга кетган. Яхши таълим олган, Остонадаги қозоқ-турк лицейини аъло баҳолар билан якунлаган, кейинчалик мутахассислиги бўйича АҚШда амалиёт ўтаган шундай ўқимишли йигитнинг экстремистлар домига тушиб қолгани янада аянчли кўринади.“Барча бахтли оилалар бирдай бахтли, бахтсиз оилалар эса ўзича бахтсиз, деган гап тўғри экан. Бизнинг ғам-андуҳимиз ва азиятларимизнинг чеки йўқ. Биз бир ярим йилдан бери ўғлимиздан, унинг рафиқаси ва икки нафар қиз набираларимиздан ҳеч қандай хабар олганимиз йўқ”, деб айтади ота.Мактаб ва университетни аъло баҳолар билан битирган Мирзаҳмад даҳшатли радикал оқим жабрдийдасига айланди.“Ўғлим университетнинг охирги курсида ҳижобли қизга уйланди. Фарзандли бўлди, бироқ секин-секин дунёвий ҳаётдан чекина бошлади”, деб эслайди ота.Йигитнинг яқинлари ундаги ўзгаришларни секин-аста пайқай бошлашди. Йигитнинг бундай салбий томонга ўзгаришига унинг бошқа шаҳарда ўқигани ҳам сабаб бўлган. Бундан ташқари, 5 йил аввал йигит экстремистларнинг таъсирига тушганда, жамият ҳам, унинг ота-онаси ҳам воқеаларнинг бундай тус олишини англамаган.“У биз билан яшаганда соқоли ўсмасди, ўқишни битириб қайтиб келгандагина биз у билан нима содир бўлганини англадик. У ўша ерда масжидга борган, бироқ масжид расмий бўлишига қарамасдан, у ерда бекитиқча йиғилишлар ўтказилган”, дейди Қўнис Олимжонов.Ота ўз воқеасини давом эттирар экан, ота-оналар ўз фарзандларининг хатти-ҳаракатларида эътибор беришлари керак бўлган жиҳат ва аломатларни санаб ўтди.“Биз сезган асосий аломат – бу турмуш тарзининг ўзгариши. Ҳам ички, ҳам ташқи қиёфа ўзгаради. Биринчидан, бу ота-онаси, яқинларидан юз ўгириш, барча оилавий ва миллий удумлардаги ўзгаришлар. Ташқи қиёфа ҳам ўзгаради. Бу соқол қўйиш, калта шимлар, ён-атрофдагиларга, турмушдаги буюмларга ножўя муносабат. Бизда қабул қилинган умуммаънавий қадриятлардан, бизнинг ислом қолган динлардан нима билан фарқ қилиши каби тушунчалардан воз кечиш. Бу ўзини кўз-кўз қилувчи фанатликдир, Аллоҳ йўлида гўёки барча нарса мумкиндек. Ўзини гўёки ҳеч ким ҳеч нарса билан тўхтата олмайдигандек тутиш. Ота-онаси, яқинларидан воз кечиш, уларга қулоқ солмаслик, ҳурмат қилмаслик. У ўзи яшаган хонадаги барча фотосуратлар, ҳайкалчаларни олиб ташлаб, уларни Қуръон, ҳадислар, ўзининг маърузалари билан тўлдирди. Гўёки барча нарсани тақиқлаб қўйди. Ўзининг фарзандларини ҳам ҳижобларга ўрантира бошлади. Яъни бизнинг фуқаролик жамиятимиздаги, давлатимиздаги барча қонунларга тўлиқ бўйсунмаслик”, деб таъкидламоқда ота.Қўнис Олимжоновнинг фикрича, ёшлар сохта динларга жалб қилиниши мумкин бўлган хавфли ёш 18-25 ёшни ташкил қилади.Йигит Қозоғистондан оила қургандан 5 йил ўтиб чиқиб кетди. Унинг 1,5 йилдан бери йўқлиги яқинлари аҳволига жиддий таъсир қилди: ғам-андуҳдан адо бўлган йигитнинг онаси, бувиси ва бобоси ҳозирда шифохонада даволанмоқдалар.Йигит чегараларнинг очиқлиги туфайли ўз оиласи билан мамлакатни тарк эта олди. Бунда унга “яхши одамлар” – ўз ҳамюртлари “кўмагини” аямади. Йигит аввал Қирғизистонга, у ердан эса Туркияга жўнаб кетган.“Туркияда уларни террорчилар сафига юборадиган бутун бир трафик йўлга қўйилган. Бундан манфаатдор одамлар бор. Остонада ҳам бундайлар бор, айнан улар ўғлимнинг оиласи билан чиқиб кетишига кўмак берган. У аввал ўзи кетди, кейин ортидан оиласи ҳам жўнади. Ўтган давр ичида одамларни ёллаш ва уларни жўнатиш билан шуғулланган нотариуслар, одамлар фош қилинди. Ҳозир улар билан тегишли идоралар шуғулланмоқда. Уларнинг барчаси суд қилинмоқда. Ва аянчлиси улар бегона эмас, ўзимизнинг қозоқлар”, деб куйиниб гапирмоқда ота.Ота ўғли нафақат “ширин сўз” билан ёллангани, балки унга қандайдир руҳий таъсир этувчи моддалар қўлланган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.“Менинг уч ўғлим бор. Иккиси шу ерда ишлайди, оилалари яхши. Бу қабиҳ кимсалар одамларни ёллашда гиёҳванд моддалар каби қандайдир таъсир қилувчи моддалардан ҳам фойдаланишдан тоймайди. Чунки бундай воситаларга тобе қилинган одамларни синдириш осонроқ”, деб ўз сўзини ниҳоялади дард-аламдан ичи ёнаётган ота.Анжуманда Қозоғистон мажлиси аъзоси Серик Канаевнинг берган маълумотларга кўра, МДҲ давлатларининг Сурияда ИШИД сафида жанг қилаётган 7 минг фуқароси орасида 150 нафар қозоғистонлик аниқ борлиги ҳуқуқ-тартибот муассасаларига маълум. Уларнинг қаторига улар билан бирга бўлган 200 нафар уларнинг рафиқалари, бевалар ва болаларини ҳам қўшиш мумкин. Бугунги кунда Қозоғистон колонияларида террорчилик ва экстремизмга алоқадор бўлган 500 киши жазо ўтамоқда. Уларнинг аксарият қисмини 29 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади.
|