Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги

 

Муҳтарама онахонлар! 

         Қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!

       Барчамиз орзиқиб кутган сўлим баҳор кириб келиши билан табиат очилиб, кўнгилларимиз ёруғ туйғуларга тўлиб бораётган мана шу шукуҳли айёмда сиз, азизларимни, сизлар орқали бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этишдан бахтиёрман.


         Биз бугун Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган, ҳаёт давомийлиги ва абадийлигини ўзида мужассам этган аёл зотини, табаррук оналарни улуғлар эканмиз, беихтиёр мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг "Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган мазмундаги ҳикматли сўзларини эслаймиз ва муқаддас Она сиймоси олдида таъзим қиламиз.


         Ўзининг латофати ва нафосати, вафо ва садоқати, қалб саховати билан оилани оила қиладиган, хонадонларимиз бекаси ва чароғбони бўлмиш сиз, мунис аёлларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак, сизларни ҳар қанча эъзозлаб, бошимизга кўтарсак, арзийди, албатта.


         Азизларим!

         Ҳеч кимга сир эмас, мен давлат раҳбари сифатида доимо ўз чиқишларимда сиз, аёл зотига юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, олдимизда турган улкан вазифаларни амалга оширишда, рўзғор ва оила тебратишда, ҳаётимизни янада обод ва фаровон қилишда, қайси соҳа бўлмасин, сизларнинг қўшаётган беқиёс ҳиссангизни ўзимга яққол тасаввур қилиб, сизларга яна ва яна бир бор чуқур миннатдорлик изҳор этишдан чарчамайман.

         Ҳақиқатан ҳам, сиз, азизларнинг юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришдаги ўрнингиз ва таъсирингизни, чидам ва сабр-бардош, оқилалик ва шукроналик каби фазилатларингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Ҳеч иккиланмасдан айтмоқчиман: ўзининг гўзаллиги ва фидойилиги, меҳнаткашлиги ва бағрикенглиги билан бизнинг юртимиз аёлларига тенг келадиган аёллар дунёда камдан-кам топилади.


         Ҳурматли ватандошлар!     

         Биз мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини, уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги, иқтисодиётимизнинг турли соҳаларидаги нуфузини ошириш бўйича қандай катта қадамлар қўйганимиз ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

         Бугун биз бошимиздан кечираётган, тез ўзгариб бораётган глобаллашув замонида сизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан, ҳаётимизнинг ҳал қилувчи устувор йўналишларида, замон талаблари билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, улкан ютуқларга эришаётганингизни биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

         Бугунги кунда юртимизда меҳнатга лаёқатли бўлган хотин-қизларимизнинг 62 фоиздан зиёди иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасида фаол меҳнат қилмоқда.

         Тан олиш керакки, аёллар бандлиги ҳақида сўз юритганда, биз одатда хотин-қизларнинг меҳнати асосан таълим соҳасида, аввало, боғча ва мактабларда, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида, енгил ва озиқ-овқат саноати, қайта ишлаш тармоқлари каби анъанавий йўналишларда, маданият ва санъат соҳасида кўпроқ талаб этилади, деб ҳисоблашга ўрганиб қолганмиз.

         Шу муносабат билан бундай эскича қарашларни рад этадиган, ҳеч шубҳасиз, кўпчиликда қизиқиш уйғотадиган баъзи бир аниқ рақам ва мисолларни келтиришни ўринли деб биламан.

         Мисол учун, бугунги кунда фақатгина умумий ўрта таълим мактабларида хизмат қилаётган муаллим ва мураббийларнинг 70 фоизга яқинини аёллар ташкил қилади. Айни вақтда таълим-тарбия соҳасида энг замонавий босқич бўлмиш касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар тизимида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг улуши қарийб 50 фоизни, олий ўқув юртларида эса аёл профессор-ўқитувчилар 43 фоизни ташкил этиши алоҳида эътиборлидир.

         Ёки соғлиқни сақлаш тизимини оладиган бўлсак, соҳадаги тиббий хизматчиларнинг 78 фоизи хотин-қизлар бўлиб, уларнинг салкам 53 фоизи врач аёллардир. Улар тиббиёт соҳасининг деярли барча тармоқларида, жумладан, энг мураккаб, юқори технологияларга асосланган, ихтисослашган йўналишларида фаол иш олиб бормоқда. Шифокор аёлларимизнинг 1 минг 100 нафардан ортиғи илмий даражага эга бўлиб, бу олий малакали врачлар умумий сонининг 37 фоизини ташкил қилади.


         Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш ва технологик янгилаш бўйича амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз натижасида иқтисодиётнинг автомобилсозлик, микробиология, фармацевтика, электрон ва электротехника саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, сервис ва бозор иқтисодиёти хизматлари каби юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқларида ҳам хотин-қизларнинг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда.

         Бугунги кунда аёлларимизнинг нозик қўллари, интеллектуал салоҳияти, тиришқоқлиги ва маҳорати билан мазкур соҳалар юртимизда кенг ривож топмоқда, бошқача айтганда, аёл зоти ана шу ўта мураккаб жабҳада ҳам барчани қойил қолдирмоқда.

Мамлакатимиздаги мобиль алоқа ва интернет-провайдер операцияларини бажарадиган муассасаларда ишлаётган ходимларнинг қарийб 55 фоизини, молия ва кредитлаш соҳасида меҳнат қилаётган мутахассисларнинг эса 43 фоиздан ортиғини опа-сингилларимиз ташкил этаётгани ҳам бу фикрнинг амалий тасдиғидир.


Бугунги ҳаётимизнинг яна бир муҳим, ўзига хос жиҳати сўнгги йилларда тадбиркорлик, хусусий ва оилавий бизнес соҳасида ҳам аёлларнинг иштироки кучайиб бораётганида намоён бўлмоқда. Буни охирги ўн йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига раҳбарлик қилаётган хотин-қизларнинг улуши 1,6 баробар ошгани, кичик бизнес субъектларининг 40 фоизини айнан улар бошқараётгани мисолида кўриш мумкин.

 Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида банд бўлган меҳнатчиларнинг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бинобарин, юртимизда мўл-кўл пахта ва ғалла, пилла, сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришга, бозор ва дўконларимиздаги тўкинчилик ва арзончиликни таъминлашга катта ҳисса қўшаётган заҳматкаш ва фидойи опа-сингилларимизга ҳар қанча таҳсин айтсак, арзийди, албатта.

         Бугунги кунда хотин-қизларимиз мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Бу ҳақда гапирганда, аввало, минглаб аёллар сиёсий партиялар, маҳаллий ҳокимият ва вакиллик органларида, нодавлат ташкилотлар тизимида самарали иш олиб бораётганини айтиш ўринлидир. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси таркибида 33 нафар, Сенат таркибида 16 нафар аёл депутат борлигини, дунёдаги саноқли давлатлар қаторида мамлакатимиз парламентининг қуйи палатасининг раиси ҳамда юқори палатаси раҳбарининг ўринбосари сифатида аёллар фаолият кўрсатаётгани, шунингдек, Бош вазир муовини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарларидан бири аёл эканини алоҳида таъкидлаш лозим. 

         Маҳаллаларимизда маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчиликдек энг нозик, энг мураккаб вазифани ўз масъулиятига олган, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёш оилалар, айниқса, энди ҳаётга қадам қўяётган қизларимизга тўғри йўл кўрсатиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ечишда энг яқин кўмакчи ва маслаҳатгўй бўлиб келаётган айни шундай опа-сингилларимизга чин юракдан ташаккур изҳор этишни ўзимнинг бурчим деб биламан. 

         Мустақиллик йилларида юртимизда 13 нафар опа-сингилларимиз "Ўзбекистон Қаҳрамони” деган олий унвонга мушарраф бўлдилар. Лекин менга буюрса, ҳам давлат хизматини, ҳам жамоат ишини, ҳам оила ва рўзғор юмушларини, ҳам фарзанд тарбиясини қойил қилиб бажариб келаётган барча-барча аёлларни қаҳрамон деб айтган бўлардим.

         Мана шундай мураккаб, керак бўлса, эркаклар ҳам кўтаролмайдиган оғир вазифаларни ўзининг нозик елкасида кўтариб келаётган, нолимасдан, доимо шукроналик билан яшайдиган аёллар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланишимиз, улардан ўрнак олишимиз лозим.


         Қадрли опа-сингиллар!

         Юртимизда 2014 йилнинг "Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши аввало аёлларимизнинг кўнглидаги иш бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. Нега деганда, боланинг соғлом туғилиши, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга бўлган баркамол авлод бўлиб вояга етиши, ҳаётда ўз муносиб ўрнини эгаллаши қандай буюк ва бебаҳо бахт эканини биринчи навбатда она зоти теран англайди.

         "Соғлом бола йили” Давлат дастурида ўз ифодасини топган, хусусан, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизни обод қилиш бўйича кенг кўламли ишларимизни изчил давом эттириш, янги-янги корхоналар, мактаб, лицей ва коллежлар, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари, жумладан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 11 мингта замонавий уй-жой барпо этиш каби кўплаб тадбирлар ҳам аввало ана шундай эзгу мақсадларга эришиш йўлида янги, амалий қадам бўлиши шубҳасиз.


         Бир сўз билан айтганда, мазкур дастур доирасида жами 4 триллион 509 миллиард сўмдан зиёд ва салкам 303 миллион доллар миқдоридаги маблағ    сарфлаш белгиланган бўлиб, бу халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, аёлларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

         Айни вақтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, хотин-қизларимиз учун янада қулай шароит яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ўз билим ва профессионал малакаси, истеъдод ва салоҳиятини амалда намоён этишига кенг  йўл очиб бериш  бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.


        Юртимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг онгини четдан ёпирилиб келаётган турли хавф-хатарлар, "оммавий маданият” хуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб бораётган тарбиявий ишларимизнинг самарасини оширишни бугун тобора кескинлашиб, мураккаблашиб бораётган ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

        Шу борада мен жондан азиз фарзандларимиз, айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни болаликдан бошлаб замонавий билим ва касб-ҳунарларга, маданият ва спортга ошно этиш, урф-одат ва маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, жонкуярлик фазилатларингизга таянаман. 


         Азиз ва қадрли опа-сингиллар!

         Сизларни баҳор элчиси бўлган, ўзингиздек гўзал ва дилбар байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.


         Умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин!


        Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!


        Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!



Категория: MAXALLIY YANGILIKLAR | Теги: байрам табриги, Ўзбекистон Республикаси Президенти, президент
Просмотров: 1377 | Рейтинг: 0.0/0

Похожие материалы

ПРОФИЛЬ
Время: 10:51
Добро Пожаловать, Гости
 
Copyright © MP3LAR.COM 2016-2024 | Все права защищены | Реклама | Мы не несём ответственности за содержание. | Бесплатные произведения предназначены исключительно для предварительного ознакомительного прослушивания. Использование материалов сайта возможно только с письменного разрешения Администрации. | Сделать бесплатный сайт с uCoz