Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 22 октябрдаги 301-сонли қарори билан Ўзбекистон Президентининг 2014 йил 5 мартдаги “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-2142-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиши ва Ўзбекистон ҳудудига кириши тартиби хорижда бўлганда стикернинг (Визалар ва рўйхатга олиш бўлимининг (ОВИР) хорижга чиқиш учун бериладиган рухсатномаси) йўқлиги учун жавобгарликни белгиловчи меъёр билан тўлдирилди. Ўзбекистондан ёки хорижий давлатлардан (кириш учун виза талаб қилинмайдиган давлатлар) бошқа давлатларга стикерни расмийлаштирмасдан чиқиш (кириш учун виза талаб қилинмайдиган давлатлар бундан мустасно) жавобгарликка тортилади. Мисол учун, Ўзбекистон фуқароси чиқишга рухсат берувчи стрикерни расмийлаштирмасдан Қозоғистонга чиқди (визасиз тартиб ўрнатилган). Бу ҳолатда қоидабузарлик йўқ. Бироқ фуқаро стикерсиз Ўзбекистондан мисол учун, кириш учун виза талаб қилинадиган Германияга чиқмоқчи бўлса ёки Қозоғистонда бўла туриб Германияга тегишли стикерни олмай чиқса, унда бу қоидабузарлик бўлади ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг 233-моддасида кўзда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилади, яъни энг кам иш ҳақининг 200 тадан 400 тагача баробарида жаримага тортилади. Қабул қилинган ҳужжатга кўра, стикернинг амал қилиш муддати хорижда тугаши Ўзбекистонга киришда жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди. Мисол учун, фуқаронинг кириш учун виза тартиби ўрнатилган АҚШда стикер муддати тугаган бўлса, у Ўзбекистонга қайтиши ёки бошқа давлатга бориши мумкин ва бу қоидабузарлик бўлмайди. Бироқ фуқаро Ўзбекистон билан виза тартиби ўрнатилмаган бирор давлатга, мисол учун Россияга келиб, у ердан Ўзбекистонга қайтмай бошқа давлатга кетса, мисол учун Қирғизистонга, унда фуқаро аввалги ҳолатдагидек жавобгарликка тортилади. Шунингдек, ҳужжатда Ўзбекистондан ташқарида бўлган фуқаронинг паспорт олиши ва стикерни расмийлаштириш меъёри ўзгартирилди. Хорижга вақтинчалик яшаш учун (хизмат сафари, ўқиш, даволаниш, шартнома бўйича ишлаш) кетган ва вақтинчалик консуллик ҳисобида турган Ўзбекистон фуқароси муддати тугаши, визаларни белгилаш учун саҳифаларнинг тугаши, йўқотилиши ёки шикаст етказилиши сабабли паспортини алмаштириш ёки стикерни расмийлаштириш учун Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва консулликларига ўрнатилган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади. Фуқароларнинг аризалари элчихоналар ёки консулликлар томонидан расмийлаштирилиб, Ташқи ишлар вазирлиги орқали паспортни расмийлаштириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига ва стикерни расмийлаштириш учун Ички ишлар вазирлигига жўнатилади. Расмийлаштирилган ҳужжатлар яна ТИВ орқали эгасига қайтарилади. Расмийлаштириш муддати 30 иш кунидан ошмаслиги керак. 16 ёшга тўлмаганлар учун виза талаб қилинмайдиган давлатларга чиқишда хорижга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикери талаб қилинмайди.
|