Ўзбекистонда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ташкил этилади. Бу ҳақда 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди. Фармон матни ЎзА сайтида жойлаштирилган.Янги компанияни тузишдан мақсад пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш, пахта толасини жаҳон бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда экспорт қилиш бўйича ягона комплексни яратиш, пахта ва ёғ-мой маҳсулотларининг сифатини ҳамда рақобатдошлигини ошириш, шунингдек, республиканинг пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳисобланади.
Ушбу холдинг компанияси таркибидан акциядорлик жамияти шаклидаги қуйидаги бирлашмалар ўрин олади:
- пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлашни ташкил қилиш бўйича – тугатилаётган “Ўзпахтасаноат” уюшмаси негизида ташкил этилаётган “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари, ушбу акциядорлик жамиятига “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг устав фондларидаги акцияларнинг давлат пакетларини топшириш ҳисобига унинг устав фонди шакллантирилади;- пахта толасини сақлаш ва экспорт қилишни таъминлаш бўйича – “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти, унинг устав фонди Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо компанияларининг пахта терминаллари устав фондларидаги улушларини баҳолаш қиймати бўйича топшириш ҳисобига шакллантирилади;- пахта ёғи ишлаб чиқариш бўйича – “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти, унинг устав фонди пахта ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналарни Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси таркибидан чиқарган ҳолда уларнинг устав фондларидаги акциялар (улушлар)нинг давлат пакетларини топшириш ҳисобига шакллантирилади.
“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланган:
- жаҳон ва минтақавий пахта бозорлари конъюнктурасини ўрганиш бўйича тизимли маркетинг тадқиқотлари олиб бориш ва шу асосда, мазкур бозорларда таркиб топаётган тенденциялардан келиб чиқиб, пахта хомашёси етиштиришнинг ҳажмлари, ассортименти ва навлари бўйича ғўзанинг районлаштирилган навларини ҳудудий жойлаштириш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;- республикада ишлаб чиқарилаётган пахта хомашёсини фермер хўжаликларидан қабул қилиб олиш ва қайта ишлаш, юқори сифатли, ташқи бозорларда рақобатдош пахта толасини ишлаб чиқариш, халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ уни сақлаш билан боғлиқ ишларнинг бутун комплексини ташкил қилиш ва амалга ошириш соҳасида ягона сиёсат ўтказилишини таъминлаш;- фермер хўжаликларидан қабул қилинадиган пахта хомашёсининг миқдори, сифати ва навлари, пахта толаси ва чигитнинг чиқишига оид кўрсаткичлари, компания корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳамда сотилаётган пахта толаси ва ёғ-мой маҳсулотларининг ўрнатилган стандартлар ва тузилган шартномаларга мувофиқ миқдори ва сифати бўйича маълумотларни қатъий ҳисобга олиш ва назорат қилиш, шунингдек, тармоқ ички назорат-тафтиш ишларини ўтказиш учун минтақалардаги инспекторлар билан Назорат-тафтиш бошқармаси фаолиятини ташкил этиш;- жаҳон бозорининг конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда, пахта толасини етказиб бериш тўғрисида экспорт шартномалари тузилишини ташкил қилиш ҳамда уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;- тузилган шартномалар ва контрактларга мувофиқ харид қилинаётган пахта хомашёси ҳамда экспортга ва ички истеъмолчиларга жўнатилаётган пахта маҳсулоти учун ўзаро ҳисоб-китобларни таъминлаш;- чигитнинг чуқур қайта ишланишини ташкил қилиш ҳамда сифатли пахта ёғи ва бошқа ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлаш;- ягона техника сиёсатини ўтказиш ҳамда модернизацияни амалга оширишда, замонавий илғор техника ва технологияларни жорий қилишда, инвестициялар, аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тармоққа кенг жалб этишда пахта тозалаш корхоналарига, ёғ заводларига, пахта терминалларига кўмак бериш;- пахтани қайта ишлаш ва ёғ-мой саноати кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш.“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг бошланғич устав капитали тугатилаётган “Ўзпахтасаноат” уюшмасининг мулки, шунингдек, ташкил этилаётган ихтисослаштирилган бирлашмалар – “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Ўзпахтаэкспорт” АЖ, “Ўзпахтаёғ” АЖ акциялари пакетларининг 100 фоизини топшириш ҳисобига шакллантирилади.“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш бўйича барча ташкилий тадбирлар комплексини амалга оширишдаги ишларни мувофиқлаштириш ва кўмак бериш учун иловага мувофиқ таркибда Ҳукумат комиссияси тузилади.Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклатилган.
|