Севгилим умидлар баҳорга ўхшар,
Кўнгил номаълум бир диёрга ўхшар,
Орзулар энг ёмон ағёрга ўхшар,
Ул ағёр орзулар қурбони бўлдим.
Тошқин дарё эдим, қуриди сувим,
Жўшқин ирмоқ эдим, йўқотдим йўлим,
Сел бўлдим, саҳрога сочилиб кетдим,
Ва охир кўлмакка айланиб қолдим.
Водийллардан ошдим, чўллардан ошдим,
Хаёллим учди, манзилга шошдим,
Сени тополмайин, йўлдан адашдим,
Дайди фурсатларнинг маҳзуни бўлдим.
Дедиларки, унут, барчаси кечар,
Кимдир заҳар, кимдир шарбатдан ичар,
Инсон қисматида борини бичар,
Хирмоним шамолга совуриб бўлдим.
Сўзлайверсам, сўз кўп, етмайди замон,
Зиндонларга кирдим, битмади замон,
Унгурларда қолди, кетмади замон,
Дамларнинг оқсочли йўлчиси бўлдим.
Ёшим ўттиз эмас, гўё юз етмиш,
Ақлимни бой бердим, гўё хайф кетмиш,
Йўл юрмайин ҳали, йўлларим битмиш,
Тўбсиз ўпқонларнинг асири бўлдим.
Йилларки, тоғлардан ахтардим сени,
Суқмоқлар йўл бермай, қийнади мени,
Ниҳоят, жасадим кийди кафанни,
Содиқ тўпроқларнинг ғариби бўлдим.